Намоз вақтлари ҳақида китоб мавзусидаги ҳадислардан

намоз вақтлари ҳақида

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Намоз вақтлари ҳақида китоб

1-боб

Намоз вақтлари ва уларнинг фазилатлари

Аллоҳ таоло бу хусусда: “Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (“Нисо” сураси, 103-оят), — дейди.

521-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Маслама ривоят қиладилар: “Бир куни Умар ибн Абдулазиз намозни кечиктириб ўқиди (аср намози бўлса керак). Шунда унинг ҳузурига Урва ибн Зубайр кириб: “Бир куни Муғира ибн Шуъба Ироқдалик кезида намозни кечиктириб ўқиганида Абу Масъуд ал-Ансорий: “Бу нимаси, эй Муғира! Мен сенга Жаброил (ас) осмондан тушиб, намоз ўқидилар, Расулуллоҳ (сав) ҳам намоз ўқидилар; Жаброил (ас) яна намоз ўқидилар, Жаноб Расулуллоҳ ҳам намоз ўқидилар; Жаброил (ас) яна намоз ўқидилар, Жаноб Расулуллоҳ ҳам намоз ўқидилар; Жаброил (ас) яна намоз ўқидилар, Жаноб Расулуллоҳ ҳам намоз ўқидилар; Жаброил (ас) яна намоз ўқидилар, Жаноб Расулуллоҳ ҳам намоз ўқидилар. Кейин: “Менга шундай қилиш (яъни, беш вақт намоз ўқиш) амр қилинди”, — дедилар, деб ўргатмаганмидим?!” – деди. Умар ибн Абдулазиз Урвага: “Нимани назарда тутиб сўзлаётганингизни биламан, Жаброил (ас) Расулуллоҳга намоз вақтларини белгилаб бергандилар”, — деди. Урва: “Башир ибн Абу Масъуд ҳам отаси Абу Масъуд хусусида шундай деб ҳикоя қилиб берган эди” – деди.

522-ҳадис

Ойша онамиз: “Расулуллоҳ (сав) асрни ҳужраларига қуёш тушмасдан илгари ўқиб олар эдилар” – дедилар”, — деди” (яна қ. 3221, 4007).

2-боб

Аллоҳ таолонинг “Унга (Аллоҳга) ўзингизни топширган ҳолларингизда (динини маҳкам тутингиз) ва Ундан қўрқингиз ҳамда намозни баркамол адо этингиз, мушриклардан бўлмангиз!” (“Рум” сураси, 31-оят) – деган каломи шарифи хусусида

523-ҳадис

Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига Абдул-Қайс қабиласидан вакиллар келиб, “Анави Рабиъа қавми бизга ҳалал бермоқда, ҳузурингизга ҳаж ойидан бошқа вақт келишга имконимиз йўқ. Бизга бирор нарса буюрсангиз, биз уни сиздан ўрганиб, уйимиздагиларга бориб ўргатсак!” – дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Сизларга тўрт нарсани буюриб, тўрт нарсани ман қиламан: Аллоҳга имон келтирмоқ (яъни, Ла илаҳа иллаллоҳу, демоқ), менинг Аллоҳни Расули эканлигимни тан олмоқ, намоз ўқимоқ ва ўлжани бешдан бирини закот қилмоқни буюраман ҳамда дуббо, ҳантам, муқаййар ва на-қир (ўша даврда мусаллас қилинадиган идишлар)ни ман қиламан”, — дедилар”.

3-боб

Намоз ўқишга байъат қилмоқ хусусида

524-ҳадис

Жарир ибн Абдуллоҳ: “Мен Расулуллоҳ (сав)га намоз ўқиш, закот бериш ва (бу ҳақда) ҳар бир мусулмонга насиҳат қилишга байъат қилдим”, — дейдилар (яна қ. 57).

4-боб

Намознинг (гуноҳлари учун) каффорат эканлиги ҳақида

525-ҳадис

Шақиқ (рз.) Ҳузайфа (рз.)дан нақл қиладилар: “Умар (рз.)нинг ҳузурларида ўтирган эдик. “Қайси бирингиз Расулуллоҳ (сав)нинг фитна тўғрисида айиган сўзларини эслаб қолгансиз?” – дедилар. “Мен, қандай айтган бўлсалар, шундайлигича эслаб қолганман”, — дедим. “Қани, айт-чи!” – дедилар. Мен: “Одамнинг ўз аёли, мол-дунёси, болалари ва қўшнисидан бўладиган фитналарга намоз, рўза, садақа ҳамда амр ва тақиққа риоя қилмоқ каффоратдир”, — дедим. У киши: “Йўқ, мен буни эмас, балки, денгиз тўлқинлари сингари босиб келадиган фитнани назарда тутган эдим” – дедилар. “Ё Амирал-мўминин, сиз бундан қўрқмасангиз ҳам бўлади, чунки сиз билан ўша фитна ўртасида бир ёпиқ эшик ғов бўлиб турибди”, — дедим. Ҳазрат Умар: “Ўша эшик синдириладими ёки очиладими?” – дедилар. “Синдирилади”, — дедим.

Ҳазрат Умар: “Демак, кейин мутлоқо ёпилмас экан”, — дедилар. Биз: “Ҳазрат Умар қайси эшик назарда тутилганини англадиларми?” – деб Ҳузайфадан сўрадик. У киши: “Ҳа, эртанги кундан олдин тун бўлмоғини билганларидек яхши биладилар, мен у кишига Жаноб Расулуллоҳнинг ҳадисларини тўла-тўкис (бехато) айтиб берганман”, — дедилар. Кейин, биз Ҳузайфадан бошқа сўрашга ботинмай, Масруққа: “Сен сўра-чи!” – дедик. Масруқ сўраган эди, у киши: “Ўша эшик Ҳазрат Умарнинг ўзларидир”, — дедилар” (яна қ. 1435, 1895, 3586, 7096).

482 марта ўқилди

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *