Масжидга хизмат қилиш, ҳадиси ҳақида

масжидга хизмат қилиш

74-боб

Масжидга хизмат қилиш

Ибн Аббос бу хусусда Имроннинг хотини Ҳаннанинг: “Эй, Раббим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенганазр қилдим” (“Оли Имрон” сураси, 35-оят). У фақат масжидга хизмат қилади – деган сўзларини келтирадилар.

460-ҳадис

Собит (рз.) ривоят қиладилар: “Хотинми ёки эркакми, бир одам масжидда хизмат қилиб юрар эди”, — дедилар Абу Ҳурайра. Абу Рофеъ: “Назаримда, ўша хотин киши эди”, — дедилар. Сўнгра, Абу Ҳурайра ўша масжидга хизмат қилувчи одам вафот этгандан кейин Расулуллоҳ (сав) унинг хусусида нималар деганларини ва унинг қабрига бориб жаноза ўқиганларини айтдилар” (яна қ. 458).

75-боб

Асир ва душманни масжидга боғлаб қўймоқ

461-ҳадис

Абу Ҳурайра: “Жаноб Расулуллоҳ бундай дедилар”, — деб ривоят қиладилар: “Ифрит деган жин кеча кечқурун рўпарамга келиб қолди, (олдимдан ўтиб) намозимни бузмоқси бўлди. Аллоҳ таоло менга уни ушлашга имкон берди. Тонг отгач, ҳаммангиз кўрингиз деб масжид устунларидан бирига боғлаб қўймоқчи бўлдим. Шунда биродарим Сулаймон (ас)нинг “Илоҳи, мени кечиргин ва менга подшоҳлик бергинки, у мендан кейингиларда бўлмасин!” – деган дуосини эсладим”. “Жаноб Расулуллоҳ Ифрит деган жинни кейин ҳайдаб юбордилар”, — дедилар Равҳ (рз.) (яна қ. 1210, 3284, 3423, 3423, 4808).

76-боб

Кофирнинг мусулмон бўлганидан кейин ғусл қилиши лозимлиги ва (яна) масжидга асирни боғлаб қўйишлик ҳақида

Шурайҳ қарздорларни ҳам масжид устунларига боғлаб қўйишни буюрар эдилар.

462-ҳадис

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Нажд томонга аскар юбордилар. Улар Бани Ҳанифа қабиласидан бир кишини тутиб келишди. Унинг исми Сумома ибн Усол эди. Асирни масжид устунларини бирига боғладилар. Расулуллоҳ (сав) ичкаридан чиқиб: “Сумомани қўйиб юборинглар!” – дедилар. Сумома масжид яқинидаги хурмозорга кириб ғусл қилди, сўнг масжидга кириб: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ” деб имон келтирди” (яна қ. 469).

77-боб

Масжидда касаллар ва бошқалар учун чодир қуришнинг жоизлиги

463-ҳадис

Ойша онамиз дедилар: “Хандақ урушида Саъд қўлини йўғон томиридан яраланди. Расулуллоҳ (сав) унинг учун масжидга чодир тиклаб бердилар. Яқин кишилари уни тез-тез кўриб турмоқлари учун шундай қилдилар. Касални масжидда ётмоғи саҳобаларни хафа қилмади. Масжидда Бани Ғифор қабиласига тегишли яна бир чодир ҳам бор эди. Улар ҳам бундан ранжимадилар, фақат Саъднинг чодиридан оқиб чиқаётган қон уларни ташвишга солди. Улар: “Эй чодирдагилар, нима бўлди? Сизнинг чодирингиздан қон оқиб чиқяпти”, — дейишди. Бориб қарасалар, Саъднинг жароҳатидан қон оқаётган экан. Шу жароҳатдан Саъд вафот этди” (яна қ. 2813, 3901, 4122). (Бу Саъд Авс қабиласининг бошлиғи, Саъд ибн Муоз Абу Амр эди)*

257 марта ўқилди