Масжид қурилишига ҳашар қилиш, ҳадиси ҳақида

масжид қурилишига ҳашар қилиш

63-боб

Масжид қурилишига ҳашар қилиш

Аллоҳ таоло бундай дейди: “Мушриклар ўзларининг кофирликларига гувоҳ бўла туриб, Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари мумкин эмас. Ана ўшаларнинг қилган ишлари ҳабата (беҳуда) кетиб, улар дўзахда мангу қолувчидир. Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (“Тавба” сураси, 17-18-оятлар).

447-ҳадис

Икрима бундай деб ривоят қиладилар: “Ибн Аббос мен ва ўғиллари Алига: “Боринглар, Абу Саиддан ҳадис эшитинглар!” – дедилар. Биз бордик, у киши боғда ишлаётган эканлар, ридолани олиб, унга ўрандилар-да, бизга ҳадис айта бошладилар, то Масжидун-Набий биноси қурилишигача гапириб бердилар, сўнг: “Биз ғиштни битта-биттадан кўтарар эдик. Аммор эса иккита-иккитадан кўтарар эди. Шу пайт Расулуллоҳ уни кўриб қолдилар-у, устидан чангни қоқиб: “Амморнинг ҳолига вой! Амморни боғийлар тўдаси ўлдиради. У уларни жаннатга даъват қиладилар”, — дедилар. Шунда Аммор: “Фитналар балосидан Аллоҳнинг ўзи асрасин мени! – деб қўяди”, — дедилар (яна қ. 2812).

64-боб

Уста ва ҳунармандлардан масжид ва минбарларни тузатишда ёрдам сўрамоқ

448-ҳадис

Саҳл ибн Саид нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Дурадгор ғуломига буюрсин, менга ўриндиқ ясаб берсин!” – деб бир ансорий аёлга одам юбордилар” (яна қ. 377).

449-ҳадис

Жобир (рз.) қуйидаги ҳадисни айтиб бердилар: “Бир хотин Расулуллоҳ (сав)га: “Ё Расулуллоҳ, сизга бир ўриндиқ ясатиб берайми, чунки менинг дурадгор ғуломим бор”, — деди. Расулуллоҳ (сав): “Агар истасанг, майли”, — дедилар. Сўнгра у хотин ўриндиқ ясатиб берди” (яна қ. 918, 2095).

65-боб

450-ҳадис

Усмон Зуннурайн бундай деган эканлар: “Расулуллоҳ (сав)нинг масжидларини таъмирлаш пайтида одамлар турли ғийбат гапларни айта бошладилар. Усмон (рз.) уларга: “Сизлар гапни кўпайтириб юбордингиз, мен Расулуллоҳ (сав)нинг “Кимки (шу суҳбатда бўлган Букайр: “Аллоҳнинг ризолигини истаб, деган эди шекилли”, — дедилар) масжид қурса, Аллоҳ таоло жаннатда унга шунга ўхшаш қаср барпо қилади, деганларини эшитганман”, дедилар”,

66-боб

Масжидда ўқ-ёйнинг учидан ушлаб юрилади

451-ҳадис

Суфён (рз.) қуйидаги ҳадисни айтиб бердилар: “Мен Амрга: “Сен Жобир ибн Абдуллоҳнинг “Бир киши масжидда ўқ-ёй юилан юрган эди. Расулуллоҳ (сав) унга: “Ёйнинг учидан (тиғидан) ушлаб юргин!” – деб айтган эдилар” деганини эшитганмисан?” – дедим. Амр: “Ҳа, эшитганман”, — деди” (яна қ. 7073).

67-боб

Масжидда юриш тартиби

452-ҳадис

Абу Мусо нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Кимки бизнинг масжидларимизда ёки бозорларимизда ўқ-ёйга ўхшаш тиғли нарса билан юрадиган бўлса, унинг тиғидан ушлаб юрсин, токи бирор мусулмонга жароҳат етказмасин!” – деганлар” (яна қ. 7015).

202 марта ўқилди