Сут ичганда оғиз чайқаш лозимми, ҳадиси ҳақида

сут ичганда оғиз чайқаш

47-боб

Бир муд (тахминан бир литр) сув билан таҳорат олмоқ

201-ҳадис

Ибн Жабрга Анас бундай деган эканлар: “Расулуллоҳ (сав) ғуслга бир соъдан (тахминан 4 литрдан) 5 мудгача (тахминан 5 литргача) сув ишлатар эдилар, 1 муд сув билан таҳорат олардилар”.

48-боб

Маҳсига масҳ тортмоқ

202-ҳадис

Саъд ибн Ваққос: “Расулуллоҳ (сав) маҳсиларига масҳ тортдилар”, — деди.Абдуллоҳ ибн Умар отасидан: “Шу тўғрими?”- деб сўради. “Ҳа, тўғри, агар Саъд сенга Расулуллоҳ (сав) хусусларида бирор нарса сўзласа, бу тўғрида бошқалардан сўрамагин!” – деди отаси (яна қ. 182).

203-ҳадис

Урва ибн ал-Муғира ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) (қазои ҳожатга) ташқарига чиқдилар. Отам Муҳира ибн Шуъба обдастада сув олиб, у кишига эргашдилар. Жаноб Расулуллоҳ ҳожатларидан бўшагач, сув қуйиб бердилар. Расулуллоҳ таҳорат олиб, маҳсиларига масҳ тортдилар”.

204-ҳадис

Жаъфар ибн Амр: “Отам Расулуллоҳ (сав)нинг маҳсига масҳ тортганларини кўрганлар”, — деб ривоят қиладилар. Жаъфар ибн Амр яна бундай деганлар: “Отам Расулуллоҳ (сав)нинг саллаларига ва маҳсиларига масҳ тортганларини кўрган эканлар” (саллага маҳс тормоқ ҳанбалий мазҳабида мавжуд).

205-ҳадис

Юқоридаги ҳадис такрори. Фақат саллаларига маҳс тортганлари қўшилмаган.

49-боб

Маҳсини таҳоратли оёққа кийганда…

206-ҳадис

Урва ибн ал-Муғиранинг отаси бундай деган эканлар: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга сафарда эдим. Маҳсиларини ечмоққа қўл чўздим, шунда: “Қўявер, мен маҳсини таҳоратли оёққа кийганман”, дедилар, сўнг маҳсиларига масҳ тортдилар” (яна қ. 182).

50-боб

Қўй гўшти ва талқон егандан кейин таҳорат олмаслик хусусида

Абу Бакр, Умар ва Усмон (қўй гўшти ва талқон) едилар ва таҳорат олмадилар.

207-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Абббос айтадилар: “Расулуллоҳ (сав)нинг қўйнинг қўлини едилар, кейин таҳорат олмай, намоз ўқидилар” (яна қ. 5404, 5405).

208-ҳадис

Жаъфар ибн Амр: “Отам Расулуллоҳ (сав)нинг қўйнинг қўлини кесиб еганларини, намоз чақирилгач эса, пичоқни қўйиб, таҳорат олмай намоз ўқиганларини кўрганлар”, — деганлар (яна қ. 675, 2923, 5408, 5422, 5462).

51-боб

Талқон егандан кейин оғизчайқашлик ва таҳорат олмаслик хусусида

209-ҳадис

Бушайр ибн Ясорга Сувайд ибн Нуъмон бундай деган эканлар: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга сафарга чиқдим. Саҳбо (Хайбарга яқин жой) деган ерга борганимизда Расулуллоҳ аср ўқидилар. Кейин овқат келтиришни буюрдилар. Овқатга талқон келтиришни буюрдилар. Овқатга талқон келтирилди, уни ҳуллашни буюрдилар, ҳуллашгач, едилар. Расулуллоҳ (сав) билан бирга биз ҳам едик. Кейин шомга ҳозирлик кўра бошладилар. Оғиз чайқадилар, биз ҳам оғиз чайқадик. Кейин таҳорат олмай, намоз ўқидилар” (яна қ. 215, 2981, 4175, 4195, 5384, 5390, 5454, 5455).

210-ҳадис

Маймуна (рз.): “Расулуллоҳ (сав) менинг ёнимда ўтириб қўйнинг қўлини едилар. Кейин таҳорат олмай, намоз ўқидилар”, — деганлар.

52-боб

Сут ичганда оғиз чайқаш лозимми?

211-ҳадис

Ибн Аббос(рз.): “Расулуллоҳ (сав) сут ичдилар. Сўнг, “сутда ёғ бор” деб, оғиз чайқадилар”, — деганлар (5609).

53-боб

Ухлаб тургандан кейин таҳорат масаласи ва “бир оз мудраса ёки мизғиса лозим эмас”, — деб ҳисобловчилар хусусида

212-ҳадис

Ойша онамиз: “Расулуллоҳ (сав): “Агар намоз ўқиётган ҳолда бирортангиз уйқусирасангиз, то уйқусираш босилгунча ёнбошлангиз, чунки бирортангиз уйқусираб намоз ўқисангиз, истиғфор айтаман деб, ўзингизни сўкиб қўйишингиз мумкин”, деганлар”, — деб айтганлар.

213-ҳадис

Анас (рз.): “Расулуллоҳ (сав): “Кимки намозда уйқисираса, нима деб ўқиётганини ўзи биладиган бўлгунча, ётиб ухласин!” деганлар”, — деб айтганлар.

243 марта ўқилди