Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтувчи кишининг гуноҳи ҳақидаги ҳадисдан

намоз ўқиётган одамнинг олдидан

101-боб

Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтувчи кишининг гуноҳи

510-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Юсуф қуйидаги ҳадисни айтиб бердилар: “Зайд ибн Холид Умар ибн Убайдуллоҳнинг қули Абунназрни “Намоз ўқувчилар олдидан ўтувчилар тўғрисида Абу Жуҳайм Расулуллоҳ (сав)дан нималар эшитган экан, билиб келгин!” – деб юборди. “Расулуллоҳ (сав): “Намоз ўқиётган одам олдидан ўтувчилар қандай гуноҳ қилаётганларини билганларида эди, намозхоннинг олдидан кесиб ўтмай, яхшиси қирқ (кун, ой, йил) тўхтаб, кутиб турган бўлар эдилар” дегандилар” – дебди Абу Жуҳайм.
Абу Назар: “Ўшанда қирқ кун, дедиларми, қирқ ой ёки қирқ йил, дедиларми, эсимда йўқ”, — дейди.

102-боб

Намоз ўқиётган кишининг рўпарасига келиб туриш

Усмон Зуннурайн намоз ўқиётган кишининг рўпарасига келиб туришни макруҳ ҳисоблардилар. Дарҳақиқат, бу намозхоннинг кўнглини бузса ёки фикрини бўлса, макруҳдир, аммо аксинча бўлса, зарари йўқдир.

Зайд ибн Собит: “Мен бунга парво қилмайман, намоз ўқиётган эркак кишининг рўпарасига эркак кишининг келиб туриши, намозни бузмайди” – дейдилар.

511-ҳадис

Ойша онамиз ҳақларида ривоят қиладилар: “Ойша онамизнинг ҳузурларида намозни бузадиган нарсалар ҳақида суҳбат борарди. Саҳобалар: “Намозни намозхоннинг олдидан ит, эшак ва аёлнинг ўтмоғи бузади” – дейишди. Ойша онамиз: “Бизни итга тенглаштирдингизми?! Расулуллоҳ (сав), мен қибла томонда ўриндиқда ёнбошлаб ётганимда келиб, намоз ўқий бошлар эдилар. У кишининг қибла тарафларида узала тушиб ётишни ўзимга эп кўрмай, секингина ўрнимдан туриб чиқиб кетар эдим”, — дедилар” (яна қ. 382).

103-боб

Ухлаётган одамнинг орқа томонидан намоз ўқимоқ

512-ҳадис

Ойша онамиз ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) намоз ўқир эдилар, мен у кишининг ўринларида қиблага кўндаланг ҳолда ётардим. Витр ўқимоқчи бўлганларида мени уйғотар эдилар. У киши билан витр ўқир эдим” (Бу ҳадислардан биз ҳам аёлларимиз қибла томонда ётганларида уларга қараб намоз ўқишимиз мумкин экан деган маъно жоиз эмас.)*

104-боб

Аёлнинг орқа тарафида нафл намози ўқимоқ

513-ҳадис

Ойша онамиз бундай деган эдилар: “Оёғимни узатиб ётган эдим, Расулуллоҳ (сав) келиб оёқ томонимда намоз ўқий бошладилар. У киши сажда қилаётганларида мени туртиб қўярдилар, мен оёғимни йиғиштириб олардим, қиёмга турсалар, узатиб юборардим. Ўша пайтлари уйларда чироқ бўлмас эди”.

105-боб

Намозхон олдидан ҳар қандай нарса ўтса ҳам, намоз бузилмайди, дейдиганларнинг далили

514-ҳадис

Ойша онамиз ривоят қиладилар: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (сав) намоз ўқиётганларида ўрин-тўшакда у кишининг қибла томонларида ёнбошлаб ётган эдим. Ўрнимдан туриб кетай десам, у кишига қибла бўлиб қолиб, озор бериб қўяман. Шунда секингина ўрнимдан суғирилиб чиқдим-да, оёқлари ёнидан ўтиб кетдим”.

236 марта ўқилди