83-боб
Масжидларда баланд овоз билан гаплашмоқнинг ноўринлиги
470-ҳадис
Соиб ибн Язид ривоят қиладилар: “Масжидда турган эдим, бир киши майда тош отиб мени чақирди, қарасам, Ҳазрат Умар эканлар. “Анави икки кишини олиб келгин!” – дедилар. Икковини бошлаб келдим. “Кимсизлар? Қаердансизлар?” – дедилар Ҳазрат Умар. “Тоифликмиз”, — дейишди. “Агар Мадина аҳлидан бўлганингизда, дарра билан урдирардим, (бу қанақаси?) Расулуллоҳ (сав) масжидларида овозларингизни кўтарасизлар?” – дедилар Ҳазрат Умар.
471-ҳадис
Расулуллоҳ (сав) даврларида Каъб ибн Молик Ибн Абу Ҳадраддан масжидда қарзини қистади. Улар овозларини кўтариб жанжаллаша бошладилар. Расулуллоҳ (сав) уйларида туриб уларнинг овозини эшитдилар. Кейин, ҳужраларининг пардасини очиб: “Эй, Каъб ибн Молик!” – дедилар. “Лаббай, ё Расулуллоҳ!” – деди Каъб. Расулуллоҳ (сав) муборак қўллари билан “қарзингнинг ярмидан кечгин” деб ишора қилдилар. “Кечдим, ё Расулуллоҳ (сав)!” – деди Каъб. Расулуллоҳ: “Тур, қарзингни тўлагин!” – дедилар Ҳадрадга” (яна қ 457).
84-боб
Масжидда давра олиб ўтиришнинг жоизлиги
472-ҳадис
Ибн Умар қуйидаги ҳадисни айтдилар: “Бир киши Расулуллоҳ (сав)дан минбарда турганларида: “Кечаси ўқиладиган намоз тўғрисида нима дейсиз?” – деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Икки ракъатдан-икки ракъат ўқилади тонг отиб қолишидан хавфсираганда, бир ракъатдан ўқилади, ўқиганлари витр ўрнига ўтади”, — дедилар. Ҳазрат Умар: “Тунги намозингизни тоқ ўқинглар, чунки Расулуллоҳ шундай деб буюрганлар”, — деганлар. (Бу ва кейинги ҳадис Ибн Аббос ва Ойша (рз.)лар айтиб берган бошқа ҳадис билан мансух бўлган. Унда туннинг охирида уч ракъат витр ўқиб салом берганлари ривоят қилинган.)*
473-ҳадис
Ибн Умар ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) минбарда ваъз айтиб турганларида бир киши келиб: “Тунги намоз қандай ўқилади? “ – деди. Расулуллоҳ (сав): “Икки ракъатдан-икки ракъатдан, тонг отиб қолишидан қўрсанг, бир ракъатдан ўқийсан, ўқиганларингни ҳаммаси витр ўрнига ўтади”, — дедилар”. Ибн Умарнинг бошқа бир ривоятлари “Расулуллоҳ масжидда турганларида бир киши деди” деб бошланган.
474-ҳадис
Абу Воқид ал-Лайсий қуйидаги ҳадисни айтдилар: “Расулуллоҳ (сав) масжидда (жамоат билан бирга) ўтирганларида уч киши келди. Шундан иккитаси Расулуллоҳ (сав)нинг ёнларига келди, биттаси эса қайтиб кетди. Бояги икки кишининг бири даврадан бўш жой топиб ўтирди, иккинчиси эса ўтирганларнинг орқа томонига келиб ўтирди. Расулуллоҳ (сав) суҳбатни томомлагач: “Сизга уч киши тўғрисида башорат айтайми? Биринчиси Аллоҳга ўзини топширди (дилида Аллоҳдан жой сўради), Аллоҳ унга жой берди, иккинчиси эса (даврани ташлаб кетмоққа) Аллоҳдан уялди, Аллоҳ ҳам (унга азоб беришдан) уялди. Аммо учинчиси (Расулуллоҳ мажлисидан) юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди”, — дедилар” (яна қ. 66).
85-боб
Масжидда чўзилиб ва оёқни узатиб ётиш ҳақида
475-ҳадис
Аббод ибн Тамим амакилари Абдуллоҳдан эшитиб ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ Расулуллоҳ (сав)нинг масжидда бир оёқларини иккинчи оёқлари устига қўйиб чалқанча ётганларини кўрдилар. Саид ибн Мусайяб: “Ҳазрат Умар ва Усмон ибн Аффонлар ҳам шундай қилишар эди”, — дейдилар” (яна қ. 5969, 6287).