Аввал қазо бўлган намоз ўқилади, ҳадиси

аввал қазо намоз ўқилади

37-боб

Вақт ўтган бўлишига қарамасдан одамлар билан жамоат бўлиб намоз ўқиш хусусида

596-ҳадис

Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладилар: “Ҳандақ куни қуёш ботгач, Умар ибн Хаттоб келиб, Қурайш кофирларини сўка бошладилар, сўнг: “Ё Расулуллоҳ, қуёш ботиб қолди. Асрни ўқиб улгурмадим”, — дедилар. Расулуллоҳ (сав): “Худо ҳаққи, мен ҳам”, — дедилар. Кейин, Бутҳонга жўнадик, етиб боргач, таҳорат олдилар, биз ҳам таҳорат олдик. Сўнг қуёш ботгач, аср ўқидилар, ундан кейин шом ўқидилар”.

38-боб

Бирор намозни эсидан чиқариб ўқимаган одам эсига тушганда ўша намозинигина қайта ўқийди

Иброҳим (рз.): “Кимки йигирма йил давомида намозлардан бирини ўшимаган бўлса, ўша ўқимаган намозинигина ўқийди”, — дейдилар.

597-ҳадис

Анас (рз.)нинг айтишларича, Набий (сав): “Кимки бирор намозини унутиб ўқимаган бўлса, эсига тушганда ўқисин, ўқилмай қолган намоз учун ўша намознинг ўзини иода қилишдан бошқа каффорат йўқдир, (Аллоҳни) эслашинг билан намоз ўқигин!” – деган эканлар.

39-боб

Аввал қазо бўлган намоз ўқилади

598-ҳадис

Жобир (рз.) ривоят қиладилар: “Хандақ куни Умар ибн Хаттоб Қурайш кофирларини сўкиб: “Ё Расулуллоҳ, қуёш ботиб қолди. Аср ўқиб улгурмадим”, — дедилар. Кейин, Бутҳонга бордик. Қуёш ботгандан сўнг аср, кейин шом ўқидилар”.

40-боб

Хуфтондан кейин гаплашиб ўтиришни ёқтирмаганликлари ҳақида

599-ҳадис

Абу Минҳол ривоят қиладилар: “Отам билан бирга Абу Барзанинг ҳузурларига бордик. Отам у кишига: “Расулуллоҳ (сав) беш вақт намозни қандай ўқир эдилар, бизга айтиб беринг!” – дедилар. Абу Барза: “Сизлар увло деб атайдиган пешинни кун оққан пайтда, асрни бирортамиз шаҳарнинг энг чеккасига бориб уйимизга қайтганимизда ҳам куннинг тафти ҳали сўнмаган пайтда ўқир эдилар (шом ҳақида айтган сўзларини эсимдан чиқариб қўйибман), хуфтонни эса, кечиктириб ўқишни афзал кўрар эдилар, хуфтондан олдин ухлашни ҳам, ундан кейин сўзлашиб ўтиришни ҳам ёқтирмас эдилар. Бомдодни киши ўнида ўтирган намозхонни танийдиган даражада ҳаво ёришганда ўқиб бўлар эдилар ва олтмиштадан юзтагача оят тиловат қилар эдилар”, — деб айтдилар”, (яна қ. 541).

124 марта ўқилди